01/07/2024
Футбол бўйича Италия терма жамоасининг Евро-2024 мусобақасидан шармандаларча чиқиб кетишида хамма футболчиларни айбдор қилаяпти: "Бу авлод футболчилари жуда заиф чиқди. Эх! Бу юртнинг қандай футболчилари бор эди-я!?". Менга мана шундай важлар доим ўзини оқлаб ва бошқаларни айбдор қилган холда масъулиятдан қутилиб қолишдек туюлаверади. Бу ғирт пасткаш иш. Чунки хозирги авлоднинг натижасига доим ундан аввалгилар айбдор бўлади. Хозиргилар ўйнашни эплолмаётган бўлса демак аввалгилар ёшларга тўғри ўйнашни ўргатмаган, йўналишни кўрсатмаган, мафкура сингдирилмаган. Йиллар давомида тўпланган меросни ўзларидан кейингиларга ўтказа олмаганлар.
Ижтимоий хаётда хам худди шундай. Ёшлар айниб кетаяптими? Демак шу жамиятнинг ёши катталари тарбияни эплолмаган бўлиб чиқаверади. Ёшларни, умуман кимнидир айбдор қилиш осон, аммо, муаммода ўзини айбдор кўриш жуда хам аччиқ ва ёқимсиз ҳолат. "Ўтмишимиз буюк бўлган" дейишади. Лекин, мана шу ўтмиш бугунни шакллантиришини деярли ўйлашмайди. Ахир сабаб бўлмаса натижа хам бўлмайди-ку? Тўғрими? Ёки хозирги ўзбек ёшлари Марсдан тушганмидики буларнинг холатига жавобгарлик бўлмаса.
Аввал хам айтганман "Россия Ўрта Осиёни босиб олиши бу сабаб эмас натижа". Ахир маданияти кучли халқни ким хам енголарди? Шу сабабли катталар ёшларга асрлар давомида тўпланган илмий "багаж"ни тўғри тушунтириб, ўтказилмаса бу миллат, халқ ва элат таназзулга маҳкум. Бошқача бўлиши мумкин эмас, бўлмайди хам...